Иккинчи лигада қатнашадиган Тошкент шаҳар жамоалари ўртасида ўтказилган "Ҳоким Кубоги"нинг финал баҳси бўлиб ўтди.
Мусобақада жами 16 жамоа қатнашди. Иккинчи лигада ушбу мавсум клубимиз иккита жамоа билан иштирок этди: Владимир Андреев бошчилигидаги «Пахтакор-2» ва Олим Шокиров қўл остидаги «Чилонзор-Пахтакор».
Финал баҳсида айнан юқоридаги жамоаларимиз майдонга тушишди. Унда «Пахтакор-2» кучлироқ эканлигини исботлади.
Биринчи таймда Игорь Сергеев ва Акмал Тўхтаев томонидан киритилган тўплар ўйин тақдирини ҳал қилди. Шундай қилиб, Владимир Андреев шогирдлари "Ҳоким Кубоги"ни қўлга киритишди. Ушбу муваффақият билан «Пахтакор-2» аъзоларини табриклаймиз.
Иккинчи лиганинг ўзида Олим Шокиров шогирдлари биринчи ўринни эгаллашди ва улар тез орада биринчи лигага ўтиш турнирида иштирок этишади. Иккинчи ўрин "Қанот"га насиб этган бўлса, учинчи поғонадан "Пахтакор-2" жой олди.